XXI асрда вақт инсоният учун энг қимматли ресурсга айланди. Шу боис бугун кўпчиликнинг кутишга, навбатда туришга сира тоқати йўқ. Аксарият одамлар ҳар бир иши тез ва осон битишини хоҳлайди. Айниқса, у бемор бўлса. Шу сабабли бугун юртимизда тиббиёт тизимини рақамлаштириш, хусусан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан бирламчи тизимда “Электрон поликлиника” ахборот тизими йўлга қўйилаётгани бу борада айни муддао бўлмоқда.

Қоғозбозликка бутунлай чек қўйилади
Оилавий поликлиникалар ва ҳудуддаги кўп тармоқли марказий поликлиника юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғига уланади. Натижада “Электрон поликлиника” дастури ортиқча қоғозбозликларга чек қўйиб, барча ишларни тизимли равишда олиб боришга, тезкор ва аниқ ишлашга, энг асосийси, шифокорларни беморлар учун кўпроқ вақт ажратишига шароит яратмоқда.
Мазкур тизимнинг афзаллиги, барча тиббий ҳужжатлар электрон шаклда бўлади, аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатилади. Қолаверса, “Электрон поликлиника” онлайн рўйхат асосида фуқароларни қабул қилиш, масофавий диагностика, бемор саломатлигини масофадан мониторинг қилиш, тиббий карталарнинг тармоқли тизими, виртуал тиббий кўрикдан ўтиш, виртуал шифохона хизмати, электрон рецептлар, телеметрия ва зарур тиббий ёрдамни уйда олишга имкон яратади.

Нечта муассаса бу тизимда фаолият юритмоқда?
Шу кунгача ушбу янгилик фақат Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятидаги 230 га яқин оилавий поликлиникада жорий этилган эди. Қашқадарё вилоятида эса илк бор Қарши шаҳридаги 3-сон оилавий поликлиника “Электрон поликлиника” тизимида фаолият бошлади. Шунингдек, айни пайтда Самарқанд, Термиз, Бухоро ва Жиззах шаҳарларида ҳам биттадан оилавий поликлиника электрон тизимга уланиб, иш бошламоқда.

Янги дастур қандай ишлайди?
— Поликлиникага келган фуқаро “Электрон поликлиника” орқали рўйхатга олингач, оилавий шифокорга йўналтирилади, — дейди Cоғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги “IT-Med” МЧЖ директори Санжар Набиев. — Шифокор бемор учун зарур текширувларни белгилаб бергач, шу асосда тор соҳа мутахассислари ёки лаборатор анализ топшириши мумкин.

Одатда, оилавий поликлиника шифокори лаборатор текширувга юбориш учун беморга узундан-узоқ тиббий анализлар рўйхати ёзилган қоғоз тутқазади. “Электрон поликлиника” дастури орқали бу ишларнинг барчаси жуда тез ва осон битади. Яъни, ушбу механизм орқали шифокор томонидан керакли тиббий таҳлиллар белгиланиб, лабораторияга юборилади. Лаборатория ходими эса мазкур маълумотларга асосланиб, бемордан керакли таҳлилларни олади ва қайта шифокорга юборади. Бу эса фуқаро ва шифокор вақтини тежаб, тиббий маълумотларни хавфсиз сақлашга ёрдам беради.
Беморнинг барча таҳлиллари автоматик тарзда оилавий шифокорга кўриниб туради. У шу асосда мурожаатчига электрон рецепт беради. Беморнинг рецепт асосида поликлиниканинг ўзидан буюрилган дорини олиши ҳам электрон тарзда назорат қилинади. Фуқаролар эса тиббий таҳлилларини, касаллик тарихини уйда ўтирган ҳолда онлайн тарзда кузатиб туриши мумкин.

Барча поликлиникалар ягона сервер асосида ишлайди. Соғлиқни сақлаш вазирлигидан туриб, бирор поликлиникага қанча бемор мурожаат қилгани, қайси шифокор кўрикдан ўтказгани, қандай рецепт буюрилгани, бемор у рецепт асосида дорини олган-олмагани кўриниб туради.

Масалан, Қарши шаҳридаги 3-сон оилавий поликлиникада янги тизим ишга туширилгач, айни пайтда 539 та мурожаат келиб тушган. Уланинг 334 нафари аёллар, 205 нафари эркаклар бўлса, 160 нафари болалар ва 90 нафари кексалардир.

Бу тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, у орқали беморларнинг касалликларини таснифлаш, ўша ҳудуд аҳолисида кўп учрайдиган хасталиклар базасини шакллантириш имкони мавжуд.

Ҳозирда 230 га яқин тиббиёт муассасаси “Электрон поликлиника” режимида ишлаётган бўлса, 2023 йил давомида бу кўрсаткични 1500 тагача етказишни мўлжаллаганмиз.

Интеграция
Ҳозир Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳридаги поликлиникалар ўзаро интеграция қилинган бўлиб, сирдарёлик бемор Тошкентдаги поликлиникага мурожаат қилса, у ҳақдаги барча маълумотлар шу ернинг ўзида кўринади. Келгусида Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё, Бухоро ва Жиззахдаги оилавий поликликалар аввалига ҳудуд доирасида, кейинчалик ҳудудлараро интеграция қилиниши мўлжалланган. Бу эса мамлакатдаги бирламчи тиббиёт муассасаларининг ягона электрон бошқаруви пайдо бўлишини англатади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу лойиҳа соғлиқни сақлаш муассасалари ўртасида тиббий маълумотлар алмашинуви учун дастурий муҳит яратиш, тиббиёт тизимини замонавий, давр талабларига мослаштириш орқали уни модернизация қилишга катта ёрдам бермоқда.

Қулайликлари…
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, мазкур янги электрон дастур тиббиёт ходимлари ўртасида тиббий маълумотлар алмашинуви бўйича халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради ва бир қатор қулайликлари билан ажралиб туради.
Жумладан:
– ҳақиқий вақтда ҳисоботларни қабул қилиш ва узатиш;
– шахсий ва тиббий маълумотларни ажратиш;
– тиббий маълумотларнинг юқори даражадаги хавфсизлиги ва назорати;
– янги ташкил этилган тиббиёт муассасаларини тез ва осон бирлаштириш.
Янги дастур орқали шифокор ва беморнинг вақти тежалиб, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ошади. Тиббиёт ходимлари фаолияти ва иш юкламасини мунтазам кузатиб бориш, статистик маълумотларни шаффоф тарзда юритиш имконияти яратилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.