Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ёш мутахассисларни танлаш дастури” доирасида олий таълим муассасаларининг битирувчи курсларида ўқиётган қобилиятли ёшларни саралаб олиш, уларнинг стажировкасини ташкил этиш ва кейинчалик давлат хизматига энг муносиб кадрлар захирасига киритиш бўйича танловда иштирок этиш учун номзодлардан аризалар қабул қилинади.
Ариза топшириш муддати — жорий йил 1 декабргача.
Саралаш жараёнлари вазирлик ва тизимдаги бошқа ташкилотлар ҳамда ҳамкор ОТМлар билан биргаликда амалга оширилади.
Саралаш босқичида номзодлар томонидан топширилган ҳужжатлар ва маълумотлар ўрганилади ҳамда рейтинг натижаси 86 фоиздан юқори бўлган талабалар саралаб олинади.
Техник талабларга мувофиқ ариза эгаларига суҳбат босқичида иштирок этишга йўлланма юборилади.
Номзодлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, давлат фуқаролик хизмати ва коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик, давлат тили, ахборот технологиялари ва соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича билим даражасини аниқлаш учун вазирликда тузилган махсус комиссия томонидан суҳбатдан ўтказилади.
Номзодлар кўрсаткичлари жадвал бўйича баҳоланади. Унинг натижаларига кўра, синовлардан муваффақиятли ўтган, яъни 71 фоиздан юқори натижа кўрсатганлар стажировкага қабул қилинади.
Стажировка жараёнини намунали якунлаган ёш мутахассислар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кадрлар захирасига киритилади.
Номзодлар қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин: https://forms.gle/9u5V1xJbQe3ZjToCA
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.